World News

Туркияда тиббий вертолёт шифохона биносига урилиб, қулаб тушди

Фото: Anadolu Agency
Туркия жанубидаги Муғла вилоятида жойлашган Ўқув-тадқиқот госпитали биносига вертолёт урилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят губернатори Идрис Акбийик маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳодиса оқибатида икки учувчи, шифокор ва шифохона ходимларидан бири ҳалок бўлган.

Фожиа маҳаллий вақт билан соат 10:06 да юз берган. Маълум қилинишича, фавқулодда тиббий ёрдам кўрсатиш вертолёти шифохонанинг тўртинчи қаватига урилган ва ерга қулаб тушган.

Таъкидланишича, авария вақтида ҳудуд қалин туман билан қопланган бўлган.

Воқеа жойига ўт ўчирувчилар, тиббиёт ходимлари, полиция ва Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бошқармаси ходимлари етиб келган.

Вертолёт ҳалокатига нима сабаб бўлганини аниқлаш бўйича тергов бошланган.

Читайте на 123ru.net