World News

Ақтаудаги самолёт ҳалокати бўйича ҳозиргача нималар маълум? (фото, видео)

Azamat Sarsenbayev / Reuters / Scanpix / LETA
Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга рейсни амалга оширган Embraer 190 русумли йўловчи самолёти 25 декабр тонгида Қозоғистон ғарбидаги Ақтау шаҳри яқинида авиаҳалокатга учради. Қулаган самолёт бортида 64 йўловчи ва экипажнинг беш нафар аъзоси бўлган, деб хабар қилган Қозоғистон ФВВ.

Аввалига «Казинформ» агентлиги самолётда 105 йўловчи ва экипажнинг беш аъзоси учганини хабар қилганди, аммо кейинроқ хабарига тузатиш киритди. Қозоғистон транспорт вазирлиги хабарида эса бортда жами 62 йўловчи ва экипажнинг беш аъзоси бўлгани айтилганди. AZAL телеграм-каналида 62 йўловчи ва экипажнинг беш аъзоси рўйхати эълон қилинган.

Қанча одам ҳалок бўлгани ҳозирча номаълум, лекин омон қолганлар бор. Манғистау области соғлиқни сақлаш бошқармаси «Интерфакс»га воқеа жойидан камида тўрт кишининг жасади топилганини маълум қилган. Озарбойжон бош прокуратураси Ақтаудаги авиаҳалокатдан 32 киши омон қолганини хабар қилди. Бу якуний рақамлар эмаслиги қайд этилган.

Бунгача Қозоғистон ФВВ 29 киши ҳалокатдан омон қолганини, РИА Новости эса жабрланганлардан тўққиз нафари оғир аҳволда эканини хабар қилганди. ФВВдагилар икки бола шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган. ФВВ жабрланганлар рўйхатини тайёрламоқда.

Ҳалокатдан кейин самолёт парчаланган, дум қисми ажралган ва ағдарилган. Фотосуратлар ва ҳодиса видеоларидан кўриш мумкинки, омон қолганлар айнан самолётнинг дум қисмида бўлган.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Ақтауга жарроҳлар ва травматологлар билан санитар авиация бортини юборган.

Қозоғистон ФВВ самолёт ҳалокатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган ишонч телефонларини эълон қилган: ФВВ бошқарув марказиники 8-96.55.7172-21 ва Ақтау шаҳрида 8-90.31.7292-91.

Самолётда тўрт мамлакат фуқаролари парвоз қилган. Қозоғистон транспорт вазирлигига кўра, бортда Озарбойжоннинг 37, Россиянинг 16, Қозоғистоннинг олти фуқароси, шунингдек уч нафар қирғизистонлик бўлган. Shot телеграм-канали бортда бўлган Россия фуқаролари рўйхатини эълон қилган, унда 15 россиялик бор, жумладан, 2011 ва 2013 йилларда туғилган болалар.

Самолёт ҳалокатга учраши видеога олинган. Кадрларда самолёт баландликка кўтарилишга урингани, аммо бошқарув тизимлари ишдан чиқиши туфайли пастлагани, қўниш йўлагига киришдан олдин 45 даража бурчак остида ерга урилгани ва шундан кейин портлаш рўй берганини кўриш мумкин.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳалокатдан кейин олинган видеолар пайдо бўлган. Уларда омон қолганларни ва усти ёпиб қўйилган жасадларни кўриш мумкин.



Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт Каспий денгизи устида эканида ҳалокат сигналини йўллаган, деб хабар беради Озарбойжоннинг АПА агентлиги. Шундан кейин лайнер мажбурий қўниш учун Қозоғистон томон йўл олган.

Sputnik Azerbaijan авиакомпаниядаги манбага асосланиб, самолёт қушлар галаси билан тўқнашиб кетганини ҳалокат сабаби сифатида келтирган. Росавиациядан ҳам шундай маълумот беришган. Orda.kz эса Қозоғистоннинг Манғистау области соғлиқни сақлаш бошқармасига асосланиб, самолёт бортида баллон портлаганини хабар қилган. Гувоҳлар нашр билан суҳбатда ҳаво кемаси двигателига қуш тиқилиб қолгани, шундан кейин бортда кислород баллони портлаганини айтиб беришган. «Кислород баллони портлаб кетди, одамлар ҳушини йўқота бошлади», — дейишган гувоҳлар.

Самолёт Ақтау аэропортининг учиш-қўниш йўлаги яқинидаги далага қулаган. Flightradar сервиси маълумотларига кўра, ҳалокатдан олдин самолёт аэропорт устида айланган. AZAL’дагилар лайнер «Ақтау шаҳридан уч километр масофада авариявий қўнишни амалга оширгани»ни айтишган.

Самолёт туман туфайли Грознийга қўниш учун рухсат ололмаган. Лайнер аввалига Маҳачқалъага, кейин эса Ақтауга йўналтирилган, деб хабар берган РИА Новостига Грозний аэропорти матбуот хизмати.

Қозоғистон ҳукумати авиаҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузган. Ҳаво кемасидан фойдаланиш пайтида хавфсизлик қоидалари бузилиши моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров самолёт ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирган. «Azerbaijan Airlines лайнерининг Бокудан Грознийга парвоз қилган ва Ақтауда ҳалокатга учраган рейси йўловчиларининг яқинларига ҳамдардлик билдираман», — дея ёзган у телеграм-каналида. Қодиров жабрланганлар тезда соғайиб кетишини тилаган.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев самолёт ҳалокати муносабати билан Россиядаги МДҲ саммитидаги иштирокини муддатидан олдин якунлаб, Бокуга қайтишга қарор қилган.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Ақтаудаги авиаҳалокатда яқинларини йўқотганларга чуқур ҳамдард эканини билдириб, жабрланганларга соғлик тилаган. РФ президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали боғланиб, ҳамдардлигини билдирган.

Ҳалокатга учраган Embraer E190AR бундан 11 йил муқаддам фойдаланишга топширилган. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, бу вақт давомида борт AZAL ва унга алоқадор Buta Airways компанияларига тегишли бўлган.

Читайте на 123ru.net