Тошкентда 10 та иссиқхона ёпилди
Миллий экология қўмитаси Тошкентдаги 10 та иссиқхона фаолиятини текширувдан сўнг вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда қўмитанинг Telegram каналида маълум қилинди.
Жами 32 та иссиқхона хўжалиги текширувдан ўтказилган. Уларнинг ёпилишига асосий сабаб сифатида ҳаво тозалаш учун фильтрларнинг йўқлиги кўрсатилди.
Бундан ташқари, учта иссиқхонада ишчилар кўмир ўрнига чиқинди ва ахлатни ёқишгани аниқланган. Иссиқхона эгалари ҳаво тозалаш фильтрларини тўғри ўрнатиш ва чиқиндиларни тўғри утилизация қилиш бўйича тушунтиришлар олдилар.
Мутасаддилар бошқа ҳудудларда ҳам текширувлар ва атмосферани ифлосланишига қарши кураш давом этаётганини таъкидлашди.