“А1” тоифаси бўйича янгиликлар амалга татбиқ этилди
Ўзбекистонда мопед ва скутер ҳайдовчилари учун “А1” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилди. Бунгача бу воситаларни ҳайдаш учун умумий ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинган бўлса, эндиликда махсус “А1” тоифаси орқали ҳуқуқ олиш мумкин. Энг муҳими, ушбу гувоҳномани олишда назарий дарсларни автомактабда ўқиш мажбурияти бекор қилинди. Фуқаролар мустақил равишда билим олиб, тўғридан-тўғри тест синовига кириш ҳуқуқига эга бўлди.
Бу янгилик жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинди. Айниқса, кам даромадли фуқаролар учун янги тартиб орқали вақт ва маблағни тежаш имкони юзага келди. Шу билан бирга, “А”, “В”, “С”, “D” тоифадаги гувоҳномаси бор фуқароларга мопед ҳайдаш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмайди.
Ушбу масала юзасидан “Ватанпарвар” ташкилоти раиси Ҳусан Ботиров фикр билдириб, янгиликнинг аҳамияти ва амалий таъсири ҳақида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги Президент даражасида кўтарилган мавзулардан бири бўлиб, автомактабларга талаблар қатъийлаштирилган. “Ватанпарвар” тизимидаги 200 дан ортиқ автомактаблар замонавий талабларга мос равишда қайта жиҳозланган ва лицензияланган. Янги тартиб эса фуқароларни сифатли ва пухта тайёргарликка йўналтиришда муҳим омил бўлади, дейилади ташкилот баёнотида.