Anorbankда акциялар тақсимоти ўзгарди
Anorbankда акциялар тақсимотида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Бу ҳақда Podrobno.uz хабар беради.
Банкнинг асосий акциядори Қаҳрамонжон Олимовнинг улуши деярли икки бараварга камайиб, 99,38 фоиздан 49,38 фоизга тушди. Шу билан бирга, банк капиталида янги йирик хорижий ҳамкор — Нидерландияда рўйхатдан ўтган Bekamin B.V.
компанияси пайдо бўлди. Ягона корпоратив маълумотлар порталига кўра, 400 миллион дона банк акциялари бошқа шахсларга ўтказилган.
Bekamin B.V. компанияси эса Anorbankнинг аффилланган шахслари рўйхатига киритилиб, 400 миллион дона акцияга эгалик қилувчи асосий акциядорлардан бирига айланди.
Бир неча ой аввал, 23-июн куни, 48 ёшли ўзбек тадбиркори Қаҳрамонжон Олимов Парижда ўғирлаб кетилиб, шафқатсиз қийноқларга дучор бўлган эди. Ўша пайтда у Anorbankнинг ягона эгаси сифатида танилган.
ОАВда бу воқеа ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг, Anorbank расмий баёнот билан чиқиб, мазкур ҳодиса шахсий ва корпоратив фаолиятга алоқадор эмаслигини, шунингдек, банкнинг операцион фаолияти ва молиявий барқарорлигига таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаган эди.