World News

“Ўзбекистон – 2030": хусусий авиакомпаниялар сони 15 тага етказилади

«Ўзбекистон – 2030» стратегияси лойиҳасида ҳаво транспорти йўналишини кескин жонлантиришга қаратилган аниқ мақсадлар белгиланди. Асосий ғоя битта: авиацияда рақобатни кучайтириш, парвозлар географиясини кенгайтириш ва йўловчига қулайликни ошириш.

Лойиҳада мамлакатда хусусий авиакомпаниялар сонини 15 тага етказиш режаси қайд этилган. Бу орқали ҳаво қатновлари бозорида танлов кўпайиши, хизмат сифати ва рақобат кучайиши кутилмоқда.

Яна бир йирик мақсад — умумий авиақатновлар сонини 200 мингтагача ошириш. Шунинг ичида республика ҳудудлари ўртасидаги рейслар 41 мингтага етказилиши, Тошкент билан боғланмаган ҳудудий авиақатновлар эса 1 560 тагача кўпайтирилиши кўзда тутилган. Яъни, “ҳамма йўл Тошкентга олиб боради” деган схема аста-секин ўзгаради, деган гап.

Инфратузилма бўйича ҳам катта режалар бор: 5 та йирик аэропортни давлат-хусусий шериклик асосида янгилаш ва бошқарувга бериш, авиапаркдаги ҳаво кемалари сонини 180 тага етказиш режалаштирилган. Йўловчилар статистикаси ҳам амбициоз: ҳаво транспорти хизматларидан фойдаланганлар сонини 24 миллион нафаргача ошириш мақсад қилинган.

Қисқаси, стратегия лойиҳаси авиацияда хусусий сектор улушини кўпайтириш, аэропортларни модернизация қилиш ва рейслар сонини кенгайтириш орқали соҳани бошқача суръатга олиб чиқишни кўзлаяпти. Агар режалар қоғозда қолмай, амалда ишласа — йўловчи учун танлов кўпаяди, нархлар ҳам “ўйлаб” қолиши мумкин.

Читайте на сайте