World News

Дам олиш кунлари қорли об-ҳаво кутилмоқда

Ўзгидромет 16–18 январь кунлари учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Унга кўра, дам олиш кунлари республика ҳудудларининг аксариятида ёғингарчилик, асосан қор кўринишида кузатилади.

Маълумотларга кўра, бугун, 16 январь куни кундузи ҳамда шанбага ўтар кечаси Ўзбекистоннинг катта қисмида ёмғир ёғиб, кейинчалик қорга айланади. Фарғона водийси вилоятларида эса ёғингарчилик кечқурун бошланиши кутилмоқда.

17 январь, шанба куни кундузи республика бўйлаб нисбатан барқарор об-ҳаво сақланади. Айрим жойларда асосан қор ёғиши мумкин, бироқ унинг жадаллиги анча пасаяди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса ушбу кунда, асосан, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши прогноз қилинмоқда.

18 январь, якшанба куни мамлакатнинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат кечаси ва эрталаб Навоий, Тошкент, Сирдарё ҳамда Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларда бироз қор ёғиши мумкин.

Ҳарорат бугун кундузи 5–8 даража илиқ бўлса, шанба ва якшанба кунлари 0–5 даража илиқ атрофида бўлади. Кечалари ҳаво ҳарорати 3 даража совуқдан 2 даража илиққача пасайиши мумкин. Айрим ҳудудларда туман тушиши эҳтимоли бор. Шамол тезлиги 7–12 м/с бўлиб, 16 январь куни баъзи жойларда 13–18 м/с гача кучайиши мумкин.

Тоғли ҳудудларда вақт-вақти билан қор ёғади, айрим жойларда кучли бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Қор кўчиши хавфи сақланиб қолади.

Тошкент шаҳрида бугун ёмғир ёғиб, кечқурун қорга айланиши мумкин. Ҳарорат 6–8 даража илиқ бўлади. Шанба куни кечаси ва эрталаб ёмғир ва қор ёғиши, туман тушиши эҳтимоли бор. Кундузи эса вақти-вақти билан бироз қор ёғади. Якшанба куни эрталаб бироз қор кузатилиши мумкин, кундузи эса ёғингарчилик кутилмайди.

Читайте на сайте