World News

Деновда гаров баҳонасида тутқунлик ва қийноқлар фош бўлди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Тожикистон фуқаросини ноқонуний равишда ушлаб туриш билан боғлиқ жиддий ҳолат очиқланди. Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, мазкур ишда гумонланувчи сифатида Денов шаҳрида яшовчи, 1993 йилда туғилган ва муқаддам судланган шахс қўлга олинган.

Расмий ахборотга кўра, у Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи, 1993 йилда туғилган Тожикистон Республикаси фуқаросини маълум муддат давомида тутқунликда сақлаб келган. Текширув жараёнида бу воқеанинг асоси қарз муносабати билан боғлиқ экани маълум бўлди.

Хусусан, деновлик шахс Душанбе шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган танишига 11 минг АҚШ доллари берган. Аммо маблағ ўз вақтида қайтарилмагани ортидан у “гаров” сифатида танишининг шеригини Денов шаҳрида олиб қолгани айтилмоқда.

Энг оғир жиҳати — пул қайтарилмаганидан кейин тутқун қилинган фуқарога нисбатан босим кучайган. Манбаларга кўра, у турли қийноқларга солинган ва оқибатда оғир даражада тан жароҳати етказилган.

Ҳозирда гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Бундай ҳолатлар яна бир бор қонунни четлаб ўтиш “масала ҳал қилиш” эмас, аксинча, оғир жавобгарликка олиб боришини кўрсатади. Энди ишга ҳуқуқ-тартибот идоралари тўлиқ ҳуқуқий баҳо беради.

Читайте на сайте