World News

Чилонзорда “кибербункер” фош этилди: минглаб маълумотлар мусодара қилинди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ноқонуний “кибербункер” — яъни яширин call-марказ фаолияти фош этилди. Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматига кўра, тезкор-қидирув тадбири давомида кўп қаватли уй ертўласида ташкил этилган “офис” аниқланган.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ИИББнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ушбу жойда махсус ускуналар билан жиҳозланган, одамларни телефон орқали “илиқ гап” билан илиб кетадиган тизимни фош қилган.

Терговгача бўлган маълумотларда айтилишича, Андижон вилоятида яшовчи, муқаддам фирибгарлик бўйича икки марта судланган 32 ёшли Ж.Т. ҳамда унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, ўзини гўёки Uzum Market савдо иловасининг “ютуқли ўйини”да ғолиб бўлгани ҳақида ёлғон хабар берган. Кейин эса “совға”ни расмийлаштириш баҳонасида пулни жабрланувчининг кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан вақтинча “Alhikma Ilm” МЧЖга ўтказиш кераклигини айтган. Улар бу маблағ кейинчалик “корхона томонидан қоплаб берилади” деб ишонтириб, пул ўтказдиришга эришган.

Фириб схемаси фақат қўнғироқлар билан чекланмаган. Гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини “маҳсулот етказиб берувчи” қилиб ҳам рўйхатдан ўтказган. Агар харидор маҳсулотни талаб қилса ёки “шикоят қиламан” деб норози бўлса, баъзи ҳолларда атайлаб жуда арзон, сифатсиз ёки умуман буюртмага мос келмайдиган товар юборишган. Мақсад битта: одамни чалғитиб туриб, ажратилган кредит ёки микроқарз лимитини тўлиқ “сўриб олиш”. Пул ўтказилиб бўлингач эса, кўп ҳолларда алоқа бутунлай узиб қўйилган.

Текширувларда “Alhikma Ilm”, “Aksiya Tech Shoop” ва “Grandbook” МЧЖлар орқали ушбу “кибербункер”да 16 нафар оператор ишлагани айтилмоқда. Дастлабки терговга қадар камида 50 нафар фуқаронинг 200 млн сўмдан ортиқ маблағи ноқонуний йўл билан ўзлаштирилгани қайд этилган.

Тезкор тадбир вақтида 22 та компьютер жамланмаси, мобил телефонлар, СИМ-карталар, банк пластик карталари, шунингдек 2 500 нафардан ортиқ фуқаронинг тўлиқ қайд этилган шахсий ва молиявий маълумотлари рўйхатлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда гуруҳнинг бошқа ҳудудлардаги фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлиги, фуқароларга етказилган моддий зарар миқдори ва уни қоплаш масаласи бўйича дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.

Қайд этилишича, “Alhikma Ilm”, “Aksiya Tech Shoop” ва “Grandbook” МЧЖлар фаолияти билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан жабр кўрган фуқаролар Тошкент вилояти ИИББнинг қуйидаги рақамлари орқали мурожаат қилиши мумкин:
+998717622135, +998717622024, +998717622025.

Қисқа хулоса: “совға ютдингиз” деган гапни эшитсангиз, аввал мияни, кейин банкни қутқаринг — ҳеч ким сизга кредитингиздан “вақтинча” пул олиб, кейин “қайтариб бераман” деб хайрли иш қилиб юрмайди.

Читайте на сайте