Хорижлик болага носвой таклиф қилган фуқаро ижтимоий тармоқларда тарқалди
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги ҳолат акс этган видео тарқалди: унда бир йигит чет эл фуқаросига носвой чекишни таклиф қилаётгани айтилади. Видеодаги эпизод жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлгач, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ушбу ҳолат бўйича текширув ўтказди.
Текширув натижаларига кўра, воқеа жорий йил 25 январь куни Чилонзор туманида жойлашган истироҳат боғларидан бирида содир бўлган. 2006 йилда туғилган M.K. чет эл фуқаросига носвой таклиф қилгани, шунингдек, ҳақоратомуз сўзлар ишлатиб, жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан бузгани маълум қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан M.K. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси — “майда безорилик” билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.
Қайд этилишича, ички ишлар органлари ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бундай ҳолатлар бўйича текширувларни давом эттиради ва жамоат тартибини бузганларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилади.