World News

Киндер шоколадидаги машҳур бола ҳозир қандай кўриинишда?

Ўн беш йил давомида “Киндер” шоколади ўрамидаги табассумли бола чеҳрасини ҳамма танирди. Лекин унинг шахсияти узоқ вақт махфий сақланди, шу сабаб турли тахминлар, гап-сўзлар ва ҳатто ўзини “ўша бола” деб кўрсатган “сохта юлдуз”лар ҳам чиқди. Аслида эса ҳақиқий қаҳрамон шартнома сабаб сукут сақлаши шарт эди.

Ҳаммаси 2004 йилдаги кастингдан бошланган: компания 11 ёшли италиялик Маттеони танлади, дизайнерлар унинг суратини қайта ишлаб, бренд юзига айлантирди. Қадоқ бир неча бор янгиланди — кийим, орқа фон ўзгарди, аммо боланинг табассуми ва образи сақланиб қолди.

Вақт ўтиши билан турли одамлар ўзини шоколад ўрамидаги “ўша бола” деб даъво қилди: Буюк Британиялик Жош Бейтсон бу образдан моделликда фойдаланган, Италияда эса телебошловчи Алессандро Эггер ҳам шундай гаплар айтган. “Ферреро” бу ҳолатларга изоҳ бермаган, Маттео эса онаси имзолаган келишув туфайли гапира олмаган.

Шартнома 2019 йилда тугади. Маттео 2021 йилда эҳтиёткорона ишора қилиб, ўша бола эканини айтди, аммо баҳслар яна авж олди. Ниҳоят, у 2024 йилда “Ферреро” билан имзоланган ҳужжатни журналистларга тақдим этиб, 2004–2019 йилларда қадоқда айнан унинг сурати ишлатилганини расман тасдиқлатди. Қизиғи, у рамзий маросимда ўз “рол”ини янги болага топширган, лекин янги қаҳрамоннинг исми очиқланмаган.

Ҳозирда Маттео Фарнети 32 ёшда. У модел ва актёр сифатида ишлайди, турли агентликлар билан ҳамкорлик қилади, атир ва кийим-кечак реклама кампанияларида қатнашади, кўп сафар қилади. Ижтимоий тармоқларда иш жараёнлари, саёҳат лавҳалари ва дўстлари билан тушган суратларни улашади. Оиласи ҳақида илиқ фикр айтса-да, шахсий ҳаётини кўп ошкор қилмайди. Баъзи постларида Меркаторум университетидаги ўқиши ҳақида ҳам маълумотлар учрайди, аммо унинг асосий йўли барибир моделлик бўлиб қолмоқда.

Маттео “Киндер” билан ишлашни омадли имконият деб билади: у учун интизом ва сабр мактаби бўлган. Энди сир очилганидан кейин эса ўша йилларни хотиржамлик билан, табассум билан эслаши мумкин.

Читайте на сайте