World News

Тошкентда 10-синф ўқувчиси уриб юборган ЙПХ ходими фожиали ҳалок бўлди

Пойтахтда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оғир оқибат билан якунланди. Хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспектори кичик сержант Хосилбек Эшназаров шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамасдан вафот этди.

Маълум қилинишича, 25 февраль куни соат 21:48 ларда Тошкент шаҳрида хизмат олиб бораётган инспекторни вояга етмаган, 10-синф ўқувчиси бошқарувидаги “BMW” русумли автомашина уриб юборган. Оқибатда у оғир тан жароҳатлари олган ва уч кун давомида тиббиёт муассасасида шифокорлар назоратида бўлган. Бироқ кўрсатилган муолажалар самара бермаган.

Ички ишлар вазирлиги марҳумнинг вафоти муносабати билан расмий баёнот бериб, унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Бош прокуратура ҳам таъзия изҳор этган.

Хосилбек Эшназаров 2022 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган эди. Хизматга садоқати ва фидойилиги билан ажралиб турган ходимнинг ортидан қария ота-онаси, рафиқаси ҳамда икки ўғил ва бир қиз фарзанди қолди.

Ушбу воқеа жамоатчиликда катта акс-садо берди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги, вояга етмаганларнинг транспорт бошқариши ва масъулият масалалари яна бир бор долзарб мавзуга айланди.

Читайте на сайте