World News

Қирғизистонга олтин олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди

Фарғона вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мамлакатимиздан ноқонуний равишда қимматбаҳо металларни олиб чиқиб кетишга уриниш ҳолати фош этилди.

Маълум қилинишича, Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 1996 йилда туғилган фуқаро ўзига тегишли бўлган "Damas" автомобилида Қирғизистон Республикасига ўтиш учун "Водил-авто" чегара божхона постига келган. Ушбу транспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, автомашина кузовига хуфёна тарзда яширилган буюмлар борлиги маълум бўлди.

Текширув давомида машина ичидан 4 дона ностандарт шаклдаги олтин қуймалари топилди ва улар ашёвий далил сифатида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Мутахассислар томонидан ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, ушбу олтин қуймаларининг соф оғирлиги 1 килограмму 232 граммни ташкил этган. Уларнинг умумий қиймати эса 2 миллиард 182 миллион 466 минг сўмга баҳоланмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Читайте на сайте