World News

Президент Виртуал қабулхонасида маҳаллалар учун алоҳида кабинет очилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда таъкидланишича, мурожаатлар билан ишлашда «маҳалла еттилиги» масъулияти оширилади. Президент Виртуал қабулхонасида ҳар бир маҳалла учун алоҳида кабинет очилади. Уни юритишга ёшлар етакчиси билан маҳалла раиси масъул бўлади. Улар келаётган мурожаатларнинг сабабларини ўрганиб, кунлик маълумотларни ҳокимларга тақдим қилиб боради.

Мутасаддиларга «Рақамли маҳалла» тизимини Президент Виртуал қабулхонасига тўлиқ интеграция қилиш топширилди.

Бундан буён мурожаатларни қуйи тизимларга кўриб чиқиш учун асоссиз равишда юборган ташкилот раҳбарларига кескин чора кўрилиши белгиланди.

Мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жазо ҳам кучайтирилади.

Президент ижтимоий-социологик тадқиқот натижалари давлат сиёсати ва ислоҳотларининг асосий йўналишларини белгилаб бериши кераклигини таъкидлади. Шу боис, социология фан сифатида қайта тикланди, олийгоҳларда социологлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида ижтимоий-социологик тадқиқотлар кўлами ва сифати оширилади.

Энди бир марталик сўровлар эмас, балки қаерда ишонч ортаётгани, қаерда заифлашгани, қайси қарорлар адолатли, қайсилари одамларга манфаат келтирмаётгани бўйича доимий равишда мониторинг ва таҳлиллар ўтказилади.

Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари рейтинги методологиясини ишлаб чиқиб, таҳлиллар асосида рейтингни шакллантириш ва мунтазам равишда Президентга киритиб бориш топширилди.

Ижро интизоми масалалари ҳам кўриб чиқилди. Берилган ҳар бир топшириқнинг реал ижро ҳолати бўйича кундалик назорат ўрнатиш, масъулиятни ҳис қилмаган, сусткашликка йўл қўйган раҳбарлар бўйича танқидий, очиқ ва холис ахборот киритиб бориш вазифаси қўйилди.

Читайте на сайте