World News

Андижонда аёл эрининг ўйнашини ҳақорат қилиб, унинг сочини олдиртириб ташлади

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида бир аёлга қарши қилинган шафқатсиз ва ҳақоратли ҳаракатларни акс эттирган видео тарқади. Бу ҳолат юзасидан Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, бошқарма томонидан тергов-тадқиқот ишлари олиб борилган. Суриштирув давомида аниқландики, 1991 йилда Избоскан туманида туғилган ва ҳозирда Андижон шаҳрида яшовчи аёл 1998 йилда туғилган бошқа аёлни турмуш ўртоғи билан ишқий муносабатда бўлганликда айблаб, унга нисбатан қасд қилиш мақсадида режа тузган.

2025 йилнинг 23 декабрь куни у даволаниб ётган шифохонага 1995, 2004 ва 2001 йилда туғилган таниш аёллар орқали 1998 йилда туғилган аёлни олиб келтириб, турли ноқонуний ҳаракатлар билан таҳқирлаган ва бу жараённи видеога олиб тасвирлаган.

Шундан сўнг, 1991 йилда туғилган аёл олдиндан таниши бўлган 1999 ва 1998 йилда туғилган икки нафар эркакни касалхонага чақириб, уларга мазкур аёлни яширин жойга олиб бориб, сочини олиб ташлашни буюрган.

Натижада, 1998 йилда туғилган аёл розилигига зид равишда беш нафар шахс томонидан оқ рангли Gentra русумли автомашинага мажбурий равишда ўтирғизиб, Андижон тумани Живачи маҳалласи ҳудудидаги изоляцияланган жойга олиб борилган.

У ерда 1999 йилда туғилган эркак унинг сочларини машинка орқали олиб ташлаган. Бу жараён 1995 йилда туғилган аёл томонидан видеога туширилган ва маълум вақт ўтгач ижтимоий тармоқларга жойланган.

Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 2-қисми «в» бандига асосан жиноят иши қўзғатилган, гумонланувчи ва беш нафар шахс процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноят иши Андижон вилояти прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.

Читайте на сайте