World News

Исроил зарбаси: Эрон разведка вазири ҳалок бўлди

Эрон разведка вазири Исмоил Хатиб Теҳронда Исроил авиазарбаси натижасида ҳалок бўлди. Хатиб Эроннинг энг нуфузли раҳбарларидан бири бўлиб, марҳум диний раҳбар Али Хоминайнинг яқин сафдошларидан эди. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацга таяниб, Times of Israel хабар тарқатган.

Кацнинг сўзларига кўра, зарба 18 мартга ўтар кечаси йўлланган. У шундай деди: «Эронга берилган зарбалар интенсивлиги ошиб бормоқда. Бу кеча Эрон разведка вазири Хатиб ўлдирилди».

Исроил мудофаа вазири таъкидлаганидек, у ва мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил мудофаа армиясига Эроннинг юқори мартабали арбобини қўшимча тасдиқларсиз йўқ қилишга рухсат берган.

Ҳозирча Эрон расмийлари Хатибнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқламади ва рад этмади. Исмоил Хатиб 2021 йилда Эрон разведкаси раҳбарлигига тайинланган.

Ўтган ҳафта АҚШ давлат департаменти Эроннинг юқори мартабали мулозимлари ҳақида маълумот учун 10 млн доллардан мукофот эълон қилган эди. Бу рўйхатда Мужтаба Хоминай, Али Ларижоний ва Исмоил Хатибнинг исмлари қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Исроил авиазарбаси оқибатида Эрон хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний ҳам ҳалок бўлган эди. Ларижоний билан бирга унинг ўғли Муртазо ва қўриқлаш хизмати бошлиғи ўринбосари Алиризо Беят ҳам қурбон бўлган. Шу куни Исроил ҳарбийлари «Басиж» қўмондони Ғуломризо Сулаймонийни ҳам йўқ қилган.

Али Ларижоний Эронда Али Хоминайдан кейин ҳалок бўлган энг юқори мартабали мулозим сифатида тарихда қолди. The New York Times ёзишича, АҚШ ва Исроил ҳужуми бошланишидан олдин мамлакатда амалдаги ҳокимият айнан Али Ларижонийнинг қўлига ўтган, ва январда Али Хоминай унга намойишларни босиш ва урушга тайёргарлик кўриш топшириқларини берган.

Читайте на сайте