World News in Uzbek

Эквадорда қуролли шахслар жонли эфир олиб бораётган телеканалга бостириб кирди (видео)

Фото: EFE

Эквадор ғарбидаги Гуаякил шаҳрида тартибсизликлар оқибатида камида 10 киши жумладан икки нафар полиция ходими ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда миллий полиция.

El Universal маълумотларига кўра, шаҳар шимолида номаълум шахслар автомобилларга қарата ўқ узиши оқибатида беш киши ҳалок бўлган, мактаб ўқувчиси яраланган. Яқин атрофда бир гуруҳ қуролланган шахслар эҳтиёт қисмлар омборига бостириб кириб, яна уч кишини ўлдирган.

Segura EP муниципал ҳукумат хавфсизлик компанияси директори Андрес Сандовалнинг сўзларига кўра, икки соат ичида — соат 14:00 дан 16:00 гача (Тошкент вақти билан 00:00 — 02:00) компания жами 1932 та қўнғироқ ва 650 та фавқулодда вазият чақириғини қабул қилган.

Компания маълумотларига кўра, бир ярим соат ичида бешта шаҳар касалхонаси қўлга олинган, иккита машина ва иккита мотоцикл ёниб кетган.

Primicias нашри полиция камида 18 нафар жангарини қўлга олгани ҳақида хабар берди.

8 январдан бошлаб Эквадорда жиноий гуруҳлар фаоллашди. Бир қанча қамоқхоналарда тартибсизликлар юзага келиб, мамлакатнинг энг йирик жиноий тўдалари – “Лос Чонерос” ва “Лос Лобос” етакчилари ҳибсдан қочиб кетди. Полиция турли объектларга ўт қўйишга уринишлар ва полиция ходимларига, жумладан портловчи моддалар ёрдамида ҳужум қилиш ҳолатлари ҳақида хабар берди. Гуаякилда қуролланган шахслар TC Televisión телеканали биносига бостириб кириб, журналистларни гаровга олди.

Эквадор президенти Даниэль Нобоа жиноий фаолликнинг кучайиши фонида мамлакатда ички қуролли можаролар режими ва 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди. У ҳарбийларга террорчи деб тан олган жиноий гуруҳлар аъзоларини зарарсизлантириш бўйича кўрсатма берди. Эквадор Миллий Ассамблеяси (парламенти) жиноий гуруҳ аъзоларини зарарсизлантириш бўйича операция давомида ҳарбийлар ва полиция ўз ваколатларидан чиқиб кетса, уларга амнистия ваъда қилди.

TC Televisión биносига бостириб кирган 10 дан ортиқ жиноятчининг баъзилари ҳибсга олинган. Эквадор Бош прокуратураси аниқлик киритишича, ҳужумнинг барча иштирокчилари террорчиликда айбланиши мумкин. Таҳририятга уюштирилган ҳужум оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган, дея қўшимча қилди идора.

Читайте на 123ru.net