World News in Uzbek

«Hello Tashkent, Salam Tashkent» канали админларига суд ҳукми ўқилди

Бугун, 11 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида Жиноят кодексининг 130-моддаси (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) 2-қисми «б» банди, 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми, 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми «б», «в» бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «а», «в» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этган гуруҳ аъзоларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судяси Ж. Саидов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд гуруҳ аъзоларига уч йилдан етти йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, жиноят воситаси деб топилган Telegram мессенжеридаги тегишли каналлар ва аккаунтлар Рақамли технологиялар вазирлиги орқали блокланиши белгиланди.

Жабрланувчиларга жиноят доирасида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.

Читайте на 123ru.net