World News in Uzbek

Бош прокуратура: Ҳафта кунларини жуфт ва тоқ рақамли автомобилларга бўлиш масаласи кўриб чиқилади

Бош прокуратура: Ҳафта кунларини жуфт ва тоқ рақамли автомобилларга бўлиш масаласи кўриб чиқилади

Бош прокуратура ва Экология вазирлиги мутахассислар иштирокида Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланиши масаласини кўриб чиқди.

Маҳкама матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилиш якуни бўйича “Автомобилсиз кун”, ҳафта кунларини жуфт ва тоқ рақамли автомобилларга бўлиш, жамоат транспортидан фойдаланишни кенгайтириш, ёқилғи стандарти минимумини “Евро-4”га кўтариш, саноатда кўмир ёқилғисидан воз кечиш ва шу каби кўплаб таклифларни ишлаб чиқиш ва реализация қилишга келишилган.

Бош прокуратура аҳолини ҳаво ифлосланиши масаласида “норасмий манбалар”га таянмасликка чақирган.

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳаво ифлосланишини автоматик усулда мониторинг қилишга мўлжалланган замонавий HORIBA станциялари билан таъминланган бўлиб, ҳаво ифлосланиши бўйича расмий маълумотларни эълон қилиб боради. Ҳаво ифлосланиши бўйича маълумотлар билан ишлашда расмий манбаалардан фойдаланган ҳолда норасмий манбааларга таянмаслик тавсия этилади”, – дейилади баёнотда.

Йиғилишда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев иштирок этган. Унинг сўзларига кўра, президент ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида мамлакатда 85 млн тупдан ортиқ дарахт экилган, Орол денгизининг қуриган тубида 1,8 млн гектар майдонда ёки Сурхондарёда қурғоқчиликка чидамли 3 млн туп ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилган.

Ўтаев ўз сўзида Тошкентда сунъий кўллар, сув ҳавзалари, яшил қопламаларнинг камайиб кетгани, минтақада сув танқислиги сабаб чўллашишнинг кенгайиб бораётгани, автотранспорт воситалари, ёқилғи энергетикаси ва сувдан тежамкорлик билан фойдаланишда муайян қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмаётгани, атмосферага меъёридан ортиқ ташламалар ташланаётганига урғу берган.

Читайте на 123ru.net