World News in Uzbek

Санкт-Петербургда Wildberries маркетплейсининг йирик омбори ёниб кетди

Санкт-Петербургда Wildberries маркетплейсининг йирик омбори ёниб кетди

Санкт-Петербург жанубидаги Пушкинский туманида тайёр маҳсулотлар омбори ёниб кетди. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.

ФВВ ҳудудий бошқармаси маълумотларига кўра, ёнғин Москва шоссеси, 153-уйда бошланган. У ерда Wildberries компаниясига тегишли омборхона мавжуд.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг биринчи хабарида ёнғин майдони 1 000 квадрат метр экани айтилган, бироқ ярим соатдан сўнг қутқарувчилар ёнғин майдони 50 минг квадрат метрга кўпайганини маълум қилди.

Кейинроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги омбордаги ёнғин 70 минг квадрат метр майдонни қамраб олгани ҳақида хабар берди.

Wildberries маркетплейси Telegram каналида айтилишича, ёнаётган омбордаги одамлар эвакуация қилинган.

“Мижозларга йўқотилган буюртмалар учун пул қайтарилади. Сотувчилар шикастланган ёки йўқотилган маҳсулотлар учун товон олади”, — дейилади компания хабарида.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига яқин “РБК” манбасининг хабар беришича, ёнғиннинг дастлабки версияларидан бири сифатида қасддан ўт қўйиш кўрилмоқда. Нашрнинг эслатишича, 10 январь куни кечқурун омбор биноси ёнида мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтган. Оқибатда Озарбайжоннинг 33 ёшли фуқароси, Wildberries ходими пичоқланиб, касалхонага ётқизилган. Шунингдек, Тожикистоннинг 35 ёшли ишсиз фуқароси ҳам жароҳат олган. Шундан сўнг хавфсизлик кучлари икки кун давомида омборда рейд ўтказди.

Читайте на 123ru.net