World News in Uzbek

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида трансчегаравий сувларни назорат қилувчи гидропостлар очилди

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида трансчегаравий сувларни назорат қилувчи гидропостлар очилди
Фото: Wikipedia
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ҳамда Тожикистон энергетика ва сув хўжалиги вазири томонидан трансчегаравий Катта Фарғона канали ва Шимолий Фарғона канали бўйлаб иккита гидропост очилди.

Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасини “Газета.уз”га маълум қилишича, гидропостларнинг очилиши Швейцария ҳукуматининг Blue Pеаcе Central Аsia ташаббуси туфайли амалга оширилган. Ушбу ташаббус 2017 йилда минтақа сув ресурсларини бошқаришда трансчегаравий ёндашув зарурлигига жавобан бошланган эди.

Лойиҳа “Патар” ва “Сарвак” трансчегаравий гидропостларини биргаликда қайта тиклаш ва улардан фойдаланиш, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш, мамлакатлар ўртасида маълумот алмашиш ва улардан фойдаланиш бўйича икки томонлама асосларни яратди.

Шимолий ва Катта Фарғона каналлари Сирдарёнинг юқори оқимидан сув олади ва уни аввал Ўзбекистонга, кейин эса Тожикистонга қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун тортиш кучи билан етказиб беради.

Ишончли сув ўлчаш тизимлари мавжуд бўлмаганда трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва сув олиш лимитларига риоя этилишини назорат қилиш қийин. Бошқа кўплаб дарёлар сингари Сирдарё ҳавзасида ҳам тўғри ишлайдиган автоматлаштирилган бошқарув тизими мавжуд эмас”, — дейилади хабарда.

Гидропостларнинг очилиши Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича Ўзбекистон—Тожикистон ишчи гуруҳининг олтинчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтган, унда икки давлат ўртасида ҳисоб-китобларни автоматлаштириш ва реал вақт режимида иккита станциядан олинган харажат маълумотларини Тожикистон ва Ўзбекистонга узатиш бўйича ҳам баённома имзоланган.

Читайте на 123ru.net