World News in Uzbek

Япониянинг Honda ва Nissan компаниялари бирлашмоқда

Фото: Getty Images
Япониянинг Honda ва Nissan йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялари бирлашиш бўйича музокаралар бошлаганини эълон қилди.

Nissan сайтига жойлаштирилган хабарда айтилишича, томонлар «муҳокамаларни бошлаш ва қўшма ҳолдингни ташкил этиш орқали икки компания бизнесини интеграция қилиш имкониятларини ўрганиш учун ўзаро англашув меморандумини имзолаган».

Шунингдек, Honda ва Nissan яна бир япон ишлаб чиқарувчиси — Mitsubishi Motors билан ҳам алоҳида меморандум имзолаган. Улар ушбу компанияни гуруҳга қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқади. Nissan компанияси Mitsubishiʼнинг асосий акциядори ҳисобланади.

«Хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчиларнинг ва янги ўйинчиларнинг пайдо бўлиши автомобил саноатини тубдан ўзгартириб юборди. Биз 2030 йилгача улар билан курашиш салоҳиятини оширишимиз керак, акс ҳолда мағлуб бўламиз», — дейди Honda раҳбари Тосихиро Мибе.

Honda ва Nissan вакилларининг сўзларига кўра, бирлашув амалга ошса, ҳолдинг компанияларининг савдо ҳажми 30 триллион иенага (191 миллиард доллар) етади, даромад эса 3 триллион иенадан (19 миллиард доллар) ошади.

Томонлар 2025 йил июнигача музокараларни якунлаш, 2026 йил августигача эса ҳолдинг компаниясини тузиш ниятида. Бирлашган компаниянинг директорлар кенгашида кўпчилик ўринни Honda вакиллари эгаллаши кутилмоқда.

Reuters манбасининг маълум қилишича, Nissan’нинг йирик акциядори бўлган Renault битим учун очиқ ва бирлашишнинг барча оқибатларини ўрганиб чиқади.

Бирлашув эҳтимоли ҳақидаги хабарлар фонида Honda акциялари 3,8 фоизга, Nissan — 1,6 фоизга, Mitsubishi Motors’ники эса 5,3 фоизга кўтарилди.

Honda ва Nissan бирлашгудек бўлса, улар Toyota ва Volkswagenʼдан кейин дунёдаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчига айланади. Ҳозирда учинчи ўринни Жанубий Кореянинг Hyundai ва Kia компаниялари гуруҳи эгаллаган. Япон компанияларининг бирлашуви 2021 йилда Fian Chrysler Automobiles ва PSA бирлашганидан кейин юз автомобил саноатида юз берган энг катта воқеага айланади.

2024 йилнинг ноябр ойида Хитой ва АҚШ каби асосий бозорларда савдолар ҳажми тушиб кетгани туфайли Nissan 9 минг ходимини қисқартиришини ва ишлаб чиқариш қувватини 20 фоизга камайтиришини маълум қилганди. Honda компанияси эса Хитойдаги савдолар тушиб кетгани сабаб кутилганидан камроқ даромад кўрганини билдирган.

Nissan’да инқироз 2018 йилда, компаниянинг ўша вақтдаги раҳбари Карлос Гон молиявий фирибгарликлар сабаб қўлга олинганидан кейин бошланган. Тайваннинг Foxconn компанияси 2024 йилда Nissan’га сотиб олиш таклифини берган, аммо япон автомобил ишлаб чиқарувчиси бунга рози бўлмаган.

Читайте на 123ru.net