World News in Uzbek

Асад асираси: суриялик диктаторнинг хотини Москвадан кетмоқчи...

Бугун зеб-у зийнатга кўмилган, лекин бахтсиз бир оила ҳақида гаплашамиз. Бу видеони охиригача кўрсангиз, маошдан маошгача амаллаб яшайдиган, лимити бир пасда тугаб қоладиган электр учун зўрға пул топаётган, нуқул рўзғорининг бирор ери бут бўлмай қоладиган ўртаҳол оила мана шу миллиардлар оғушидаги зодагонлардан чандон баробар бахтли эканини тушунасиз. Сиз қаҳратонда уйингизни амаллаб иситиб олсангиз, ҳаловат топасиз. Лекин бу бечоралар ҳаловат нима эканини энди тушида ҳам кўрмаса керак.

Таассуфки, аёл киши миллиардлаб доллар пули, ўнлаб кошоналари ва ҳатто диктатор эри бўлса ҳам, бахтдан масрур бўлмаслиги мумкин экан. Агар ўша бечора аёл дунё кўз ўнгида шармандаси чиққан диктатор Башар Асаднинг хотини бўлса. Асма ал Асад. Қизлик исми Асма Фаваз ал Аҳрос. 1975 йил Лондонда, суриялик муҳожирлар – кардиолог Фаваз ва дипломат Сахарнинг ўзига тинч оиласида туғилган. 2000 йил Сурияга қайтган Асма Башар Асадга турмушга чиқади.

Улар Лондонда танишганида Асад тиш дўхтири, Асма эса обрўли банкда ишлайдиган иқтисодчи бўлган. Асмага уйланган вақтида эса бўлажак диктатор Асад Сурия президенти бўлганди.

Саратон билан кураш

Башар Асаднинг сурияликларга қарши жиноятлари ҳақида анчадан буён гапириб келишади. Унинг режими инсонларни эътиқодига, жамоасига қараб қийнаган, қамаган, ўлдирган. Асад режими ағдарилиб, унинг қамоқхоналаридан видеолар эълон қилинди, режим қамоқхоналарида бўлганлар у ердаги азоблар ҳақида гапириб беришди. Бир сўз билан айтганда, Асад режимининг жиноятлари ҳақида айтилган гаплар аста-секин исботини топмоқда.

Асма Асаднинг бу жиноятларга қандай алоқаси борлигини билмаймиз, у биринчи хоним бўлган вақтида асосан ижтимоий лойиҳалар билан шуғулланган. Бундан ташқари, жиддий касаллик – саратон билан курашиб келган. 2018 йил Асма Асад онкологик касаллик билан Дамашқдаги касалхонага ётқизилгани эълон қилинади.

Оддий қилиб айтганда, Асма хоним кўкрак бези саратонига чалинади. 2019 йилда ундан ўсимтани муваффақиятли олиб ташлашади. Шунда бутун дунёдаги нашрлар Асад хоним саратонни енгди деган хабарлар тарқатади. 2024 йил май ойида эса Асма Асад энди лейкемия билан оғригани маълум бўлади.

Москвадаги «уй қамоғи»

2024 йил кузи эса Асадлар оиласи учун ёмон бошланади. Асад режимининг икки устуни Эрон ва Россия ўзи билан ўзи бўлиб, уни қўллолмай қолганидан бохабар Абу Муҳаммад ал Жўланий бошчилигидаги исёнчилар бирин-кетин Сурия шаҳарларини эгаллашга киришди. Улар Дамашққа яқинлашган пайтда Башар Асад қўрқоқларча кўч-кўронини йиғиштириб, Суриядан «туёғини шиқиллатади».

На Сурия армияси, на президентни қўриқлаши керак бўлган махсус кучлари ва на Сурия халқи Асадни ҳимоя қилади. Асад ҳарбийларга кутиб туринг, Россиядан ёрдам келяпти, мен ҳозир келаман, дейди-да, хотин бола-чақаси билан Москвага қочади. Асма хоним ҳам эрига қўшилиб совуқ Москвага йўл олади.

Москвага борганига ҳеч қанча бўлмай энди Асма хоним Лондонга кетаман деб хархаша қилаётган экан. Бу ҳақда турк ва араб нашрлари ёзмоқда. Уларга кўра, Асма Асад аллақачон Россия судига ҳам мурожаат қилган. У ҳатто эри Башар Асад билан ажрашишга ҳам ариза берган.

Башар Асадга Москвадан чиқиш тақиқланган. Хабарларга кўра, унга тегишли миллиардлаб доллар пул, олтинлар Россия банкларида музлатилган. Аммо Асма хоним яна Лондонга жўнаб қолиши мумкин. У ерга бориб ҳам бошқа суриялик муҳожирлар каби бирор касалхонада ҳамширалик қилмаслиги аниқ. Асадлар оиласининг Лондонда ҳам уйлари, йиғган-терганлари бор.

Лондоннинг қизғин ҳаётига ўрганган Асма хонимнинг санкция остидаги Москвадаги ҳаётини тасаввур қилиш мумкин. Бунақа «катта охурлардан ем еб юрган» зодагон хотинлар бир коса овқатга қаноат қилиб яшаб юрадиганлар хилидан эмас ахир. Гапимиз бошида айтганимиздек, ҳозир Асма Асад энг асосий муаммоси қишда уйини иситиш бўлган кўпчилигингизда бўлган ҳаловатга эришиш учун миллиардларини беришга тайёр бўлса керак. Яна ким билади дейсиз...

Манба: Kun.uz

Читайте на 123ru.net