World News in Uzbek

Собиқ депутат Кушербаев чечен фуқароларини Ўзбекистонга киришда қатъий текширишни таклиф қилди

Расул Кушербаев
Собиқ депутат, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдда айбланаётган шахслар бўйича фикрларини билдирди.

Бош прокуратура Россия фуқаролари Бислан Расаев ва Шамиль Темирханов Комил Алламжоновга суиқасд иши доирасида қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи каби жиноий ҳаракатларни содир этганликлари аниқланиб, улар қидирувга берилганини маълум қилди.

Ким ўзи бу икки шахс? Қаердан пайдо бўлди бу террорчилар? Хавфли жиноятчилар қайси йўл билан Ўзбекистон ҳудудига киришди? Бу масала аниқ ойдин айтилиши лозим”, деди Кушербаев.

Олдинроқ Чеченистон президенти Рамзан Қодиров суиқасдда «чечен қўли» борлигини инкор қилиб, ўз чиқишида Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига таҳдид қилган, уларга «қилмишлари» учун жавоб бериши ҳақида очиқчасига баёнот берганди.

Ўзбекистондаги мансабдор шахсларга очиқча таҳдид қилиш бу — терроризм. Буни амалга оширмоқчи бўлган ёки гапириб чиққан шахслар ҳам жавоб бериши лозим.

Шундай таҳдидлар бўлаётган вақтда Ўзбекистон ҳукумати нега жим туриши керак? Қачонгача ўзини шовинистик қарашлари билан бизга очиқча таҳдид қиладиганларни индамай кузатиб ўтирамиз? Расмий шахс томонидан бўлаётган очиқ таҳдидга муносиб жавоб бериш вақти келмадими?

Жавоб шунчаки баёнот билан эмас, аниқ чоралар орқали бўлиши шарт ва зарур! Керак бўлса, етакчиси очиқча таҳдид қилаётган Грознийга авиақатновларни ҳам бекор қилиш, ҳар бир чечен фуқаросини Ўзбекистонга киришида қатъий текшириш лозим
”, дея маълум қилди собиқ депутат.

Одилжон Тожиев
Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг “Ўзбекистон ички ишларига аралашиши”, шунингдек, “ўзбек давлат амалдорларига нисбатан таҳдид билдириши ёки босим ўтказиши”ни қоралаб чиқди.

Унинг айтишича, бундай ҳаракатлар “икки дўст давлат муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши ва ҳар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларга зарар етказиши мумкин”.

Мен Россия Федерацияси Бош прокуратурасидан Рамзан Қодировнинг ўзбек мулозимларига тахдиди юзасидан холатга ҳуқуқий баҳо беришини сўрайман. Бундан ташқари, Рамзан Қодиров ўзининг кечаги муносабати учун Ўзбекистон халқидан очиқдан очиқ узр сўраши керак. Шу билан бирга агар у дўст бўлса Ўзбекистон Бош прокуратурасига қидирувда бўлган Беслан Расаев ва Шамил Темирхановни топишда амалий ёрдам бериши ва уни Ўзбекистонга топшириши лозим”, дейди депутат.

Комил Алламжоновга суиқасд

2024 йил 30 сентябргача Ўзбекистон президенти администрациясида Ахборот сиёсати департаментини бошқариб келган Комил Алламжонов 26 октябр куни Қибрайдаги ўз уйи яқинида ҳужумга учради: у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узилган. Ҳодисада Алламжоновнинг ўзига ва ҳайдовчига шикаст етмаган.

Бош прокуратура бундан аввал 25 ноябр куни берган баёнотида жиноятга алоқадорликда гумонланиб 7 киши ушланганини маълум қилган, улардан фақат бир нафарининг шахсини очиқлаган эди: бу – Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов. Баёнотда яна бир гумондор Қозоғистонда қўлга олингани маълум қилинганди.

Ноябр ойида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тизимида бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ишдан олинганди.

Читайте на 123ru.net