World News in Uzbek

"Пахтакор"нинг янги бош мураббийи Педру Морейра футболчилар билан танишди

Педру Морейра ва унинг мураббийлар штаби "Пахтакор" жамоаси аъзолари билан танишди. Португалиялик мутахассис Анталияда жам бўлган футболчилар билан яқиндан танишиш мақсадида учрашув ташкил қилди. Бу ҳақда "Пахтакор" клуби матбуот хизмати хабар берди.

"Биз бу ерга сизлар билан катта ишни бажариш учун тўпландик. Имкон қадар "Пахтакор"даги ўйинларингизни кўриб, сизлар билан танишишга ҳаракат қилдим. Қолган маълумотни машғулот ва ўртоқлик ўйинларида оламиз. Клуб раиси Жаҳонгир Абидовичнинг таклифига кўра, катта мураббийлар жамоаси билан Тошкентда иш бошлайдиган бўлдик. Менинг ва дўстларимнинг мақсади сизлар билан юқори натижаларга эришиш. Сиз "Пахтакор"сиз, бу клубни ўрганар эканман, ўзбек футболининг устуни эканлигига амин бўлдим. Бундай катта жамоада ишлаш биз учун ҳам шараф", - дейди Морейра.

Хабарингиз бор, "шерлар" негизи сақлаб қолинди. Игорь Сергеев ва Башар ҳужум чизиғига олиб келинди.

"Агар биз барча вазифаларни ўз вақтида бажарадиган бўлсак, ишонинг, биздан кучлиси бўлмайди. Мен бу ерга келиб, Сиз ўрганиб қолган ҳамма нарсани ўзгартириб юбормайман. Қаердадир биз Сизларга, қаердадир, Сиз бизларга мослашасизлар. Футбол жамоавий ўйин, ишимиз ҳам шундай биргаликда бўлиши керак. Йил охирида мана шундай кайфиятда ғалабаларни таҳлил қилиш ҳақида ўйлашимиз керак", - дея бош мураббий туғилган кунини нишонлаётган Улуғбек Ҳошимовни табриклади.


Делегация раҳбари, клуб раиси ўринбосари Дилшод Каримов қуйидаги гапларни айтиб ўтди:

- "Биз бир тану, бир жон бўлишимиз керак. Шундагина аҳил оила сифатида шаклланамиз. Бу жуда муҳим. Сиз бир-бирингизни қўллаб-қувватлаб, бир оила бўлинг. Клубимиз раисининг Сизлардан талаб қиладиган ягона нарсаси мухлисларга ёқадиган чиройли ўйин кўрсатиш. Шу ерга "Пахтакор" билан етиб келдингизми, демак Сиз энг зўрларисиз. Буни майдонда исботлашингиз қолди".

Читайте на 123ru.net