World News in Uzbek

Хитойда тарқалаётган вирус Қозоғистонда ҳам аниқланди

Иллюстратив фото: ChatGPT
Хитойда асосан болалар орасида инсон метапневмовируси (HMPV) тарқалмоқда. Қўшни Қозоғистонда ҳам 30 дан ортиқ одам мазкур вирусга чалинди. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қозоғистонда метапневмовирусга чалиниш 2024 йилнинг октябридан буён кузатилмоқда.

Эпидемик мавсум бошланганидан буён республика бўйича 8360 та намуна гриппга қарши вирусларга текширилди. Улардан 1866 тасида (22 фоиз) мусбат намуналар аниқланган, жумладан, коронавирус — 206 та (11,1 фоиз), парагрипп — 178 та (9,5 фоиз), бокавирус — 113 та (6,1 фоиз) ва метапневмовирус — 30 та (1,6 фоиз), дейилади вазирлик хабарида.

Қўшимча маълумотларга кўра, эпидемиологик мавсум бошланганидан буён 2024 йилнинг октябридан икки миллиондан ортиқ ЎРВИ ҳолатлари аниқланган.

"Метапневмовирус асосан ҳаво-томчи йўли билан ва кам ҳолларда контакт-маиший йўл билан юқади. Инфекциянинг асосий симптомлари йўтал, тумов, ҳансираш, иситма, бош оғриғи. Махсус даволаш усули йўқ, симптоматик даволаш қўлланилади", дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини профилактика чораларига риоя қилишга ва одамлар гавжум жойларда, айниқса, сурункали касалликларга чалинган беморлар билан алоқа қилишни чеклашга чақиради.

HMPV нима?

Инсон метапневмовируси ёки HMPV нафас йўллари инфекциясини келтириб чиқарувчи вирус бўлиб, у оддий шамоллаш ва гриппга ўхшаш белгиларни юзага келтиради. Касаллик кўпинча енгил кечса-да, айниқса чақалоқлар, кексалар ва иммун тизими заифлашган кишиларда пневмония каби жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.

Аслида вирус янги эмас, лекин Хитойнинг шимолида, айниқса, 14 ёшдан кичик болалар орасида касалланиш ҳолатлари кўпайгани туфайли эътиборни тортди.

Биринчи марта 2001 йилда аниқланган HMPV бир занжирли РНК вируси бўлиб, нафас олиш томчилари ёки ифлосланган юзалар билан алоқа орқали тарқалади. Бу инфекциялар илгари ҳам Буюк Британия каби турли мамлакатларда қайд этилган.

Читайте на 123ru.net