World News in Uzbek

Сурия расмийлари курд жангариларидан қуролларини ташлашни талаб қилди

Фото: Getty Images
Суриянинг янги ҳукумати мамлакат шимолида жойлашган Курдистон ишчилар партиясининг (КИП) жангариларидан қуролларини ташлашни талаб қилди, дея Туркиянинг Hurriyet нашрига таяниб, ТАСС хабар берди.

Дамашқда КИПнинг Суриядаги бўлими ҳисобланмиш — Халқ мудофаа кучлари ва Суриянинг янги ҳукумати вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Маълум бўлишича, курд томони қуролларни ташлаш талаби эвазига Суриянинг янги армияси таркибида камида битта армия корпуси ёки дивизиясини ташкил этиш, шунингдек, мамлакат шимолидаги нефть конларини тенг тақсимлашни таклиф қилган.

Бироқ янги ҳокимият КИПга қуролларини сўзсиз ташлаб қўйиш шартини қўйиб, бу масалани ҳатто муҳокама қилмади, дейилади хабарда.

Аввалроқ Суриянинг янги ҳукуматининг асосий иттифоқчиси бўлган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Суриядаги курд кучларини “кўмиб юбориш” билан таҳдид қилган эди.

Бу жиноятчи айирмачилар ё қуроллари билан хайрлашади ёки улар билан бирга Сурия тупроғида дафн этилади”, деганди Туркия раҳбари.

Туркия ва КИП ўртасидаги зиддият 1984 йилдан бери давом этмоқда. Туркия расмийлари КИПни миллий хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблайди ва мунтазам равишда мамлакатдаги тарафдорларига қарши рейдлар, Ироқ ва Сурия шимолидаги операцияларни амалга оширади. Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, йил давомида қўшни давлатлардаги амалиётлар натижасида 3000 дан ортиқ курд жангарилари йўқ қилинган.

Читайте на 123ru.net