World News in Uzbek

Лукашенко ҳокимиятни тинч йўл билан янги авлодга топширмоқчи эканини айтди

Фото: Vesti.az
Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳокимиятга тирмашиб олмаслигини, уни янги авлодга тинч ва осойишта йўл билан топшириш учун ҳамма нарсага тайёрлигини айтди. Лукашенко бу ҳақда Логоискдаги ибодатхонага ташрифи чоғида маълум қилди, деб хабар бермоқда “БелТА”.

Шу билан бирга, у янги ҳукумат даврида яшай олишига умид билдирди. “Менинг болаларим қандай яшашларини кўришни хоҳлайман”, деди Лукашенко.

Беларусь президенти ҳокимиятни куч билан сақлаб қолишга ҳаракат қилмаётганини қўшимча қилди. Беларусда навбатдаги президентлик сайлови 2025 йил 26 январга белгиланган.

Унда иштирок этиш учун беш киши, жумладан, 1994 йилдан бери республика президенти лавозимини эгаллаб келаётган ва еттинчи президентлик муддатига ўз номзодини қўймоқчи бўлган Лукашенко даъвогарлик қилмоқда.

Аввалроқ Александр Лукашенко Беларусдаги сайловларда тартибсизликлар юзага келса, ҳарбийларни жалб қилишга тайёрлигини маълум қилганди.

Зарур бўлганда полиция, керак бўлганда тартиб ўрнатилиши учун ҳарбийларни қўрқмасдан жалб қилаверинглар”, деди Беларусь президенти губернаторлар билан учрашувда.

Унинг сўзларига кўра, Беларусда сайлов комиссиялари аъзоларига ташқаридан босим ўтказишга уринишлар кузатилмоқда.

Читайте на 123ru.net