World News in Uzbek

Трампнинг сўзларидан кейин Мексика президенти Америка номини ўзгартиришни таклиф қилди

Фото: Instagram / claudia_shein
Мексика президенти Клаудия Шейнбаум АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Мексика кўрфазини Америка кўрфази деб қайта номлаш нияти ҳақидаги сўзларидан кейин Америкага тарихий номни қайтаришни таклиф қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

Трамп аввалроқ Мексика кўрфазини Америка кўрфази деб қайта номлаши, бу унинг сиёсатининг бир қисми бўлишини таъкидлаганди. У администрация кўрфаз номини қачон ўзгартиришини очиқламаган. Бироқ бу ҳақда яқин келажакда эълон қилинишини айтган.

Вакиллар палатаси аъзоси Маржори Тейлор Грин эса шунга оид қонун лойиҳаси тайёрлагани ва уни тақдим этишни режалаштиргани билдирган.

Шейнбаум таъкидлашича, “Мексика кўрфази” номи халқаро институтлар томонидан аллақачон тан олинган. Бунга жавобан у бутун қитъага Мексика Америкаси деб тарихий ном беришни таклиф қилди.

БМТ ва унинг агентлиги томонидан Мексика кўрфази номининг тан олинганлиги аниқ. Лекин нима учун биз (Шимолий Американи) Мексика Америкаси деб атамаймиз? Жуда чиройли эшитилади, шундай эмасми? Аслида, 1607 йилдан, Апацинган асос солинганидан бери, у Мексика Америкаси бўлган, деган Шейнбаум ва қитъанинг тарихий хариталарини кўрсатган.

Шейнбаум администрацияси маслаҳатчиси Хосе Алфонсо Суарес дел Реал таъкидлашича, Мексика қўлтиғининг номи XVI асрдан бери халқаро миқёсда тан олинган бўлиб, у АҚШ давлатидан ҳам қадимийроқдир.

Трампнинг таҳдидлари

2024 йил декабрь ойининг охирида Дональд Трамп бир неча баёнотларида АҚШнинг Панама канали ва Гренландия устидан назоратни ўрнатиши “Америка миллий хавфсизлиги” масаласи эканини таъкидлаган. 7 январда ўтказилган матбуот анжуманида у Панама канали ва Гренландияни қўлга киритиш учун ҳарбий ёки иқтисодий босим ўтказиш эҳтимолини рад этмаган. Шунингдек, Трамп Канадага АҚШ таркибига қўшилишни таклиф қилган.

Дания ҳукумати декабрь ойида Гренландия мудофаасига ажратиладиган маблағни камида 1,5 миллиард долларга оширишини эълон қилди. Бундан ташқари, қироллик ўзининг расмий гербини ўзгартириб, унда Гренландия ва Фарер ороллари рамзларини катталаштирди.

Читайте на 123ru.net