Тайванда OnePlus бош директорига нисбатан ҳибс ордери берилди
Тайван прокуратураси 13 январ куни OnePlus компанияси ҳаммуассиси ва бош директори Пит Лауга нисбатан айблов эълон қилиб, уни ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу ҳақда маҳаллий расмий манбалар хабар қилди.
Маълум қилинишича, тадбиркор Тайванда маҳаллий муҳандисларни ноқонуний равишда ишга ёллашда айбланмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, Хитой компаниялари тайванлик мутахассисларни ишга жалб қилишдан олдин Тайван ҳукуматидан махсус рухсат олиши шарт. Тергов органлари фикрича, OnePlus ушбу талабни бажармаган.
Тайван расмийлари бундай чоралар орқали мамлакатдан юқори малакали кадрлар чиқиб кетишининг олдини олишни мақсад қилган. Шу сабабли охирги пайтларда Хитой компаниялари фаолиятига нисбатан назорат кучайтирилган.
Маълумот ўрнида, OnePlus жаҳон бозори учун смартфонлар ишлаб чиқарувчи Хитой компанияси бўлиб, у Oppo корпорациясининг бўлинмаси ҳисобланади. Компанияга 2013 йил декабрь ойида асос солинган ва у қисқа вақт ичида глобал бозорда ўз ўрнига эга бўлишга эришган.