World News in Uzbek

Вазирликлар ва идораларда китобхон ходимларга пул мукофоти берилади

Ўзбекистонда барча вазирлик ва идораларда танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга бир ойлик маош миқдорида пул мукофоти берилади. Бу Президент қарори билан “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари” доирасида белгиланди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелга қадар барча вазирлик ва идораларда “Китоб бурчаги” ташкил этилади, ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” жорий қилиниб, ички рейтинг тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 мартга қадар касбий фаолият бўйича тавсия этиладиган адабиётлар рўйхати шакллантирилади. Ҳар йили камида учта хорижий касбий адабиёт ўзбек тилига таржима қилинади, изоҳлар, луғатлар ва мисоллар билан бойитилади.

Ёшлар ва талабалар ҳам рағбатлантирилади: энг кўп китоб ўқиган топ-100 ўқувчи ва талабаларга 10,3 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилади.

Президент қарорига асосан Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Умумтаълим мактабларда “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари фаолият юритади.

Қарорнинг асосий мақсади — 2026–2030 йилларда аҳоли китобхонлигини ошириш ва бир киши йилига ўртача 10 та китоб ўқишига эришиш. Жамғарма маблағлари ёш ёзувчиларни қўллаб-қувватлаш, болалар адабиётини ривожлантириш ва истеъдодли муаллифларга рағбат бериш учун йўналтирилади.

Читайте на сайте