Директорни ишдан олган раҳбарга маъмурий чора кўрилди
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғига маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди. Бунга сабаб — мактаб директорини лавозимидан озод этиш, шунингдек янги директорни тайинлаш жараёнларида меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилинмагани бўлди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси ахборот хизмати маълум қилди.
Эслатиб ўтиш жоиз, йил бошида Бувайда туманидаги 37-сонли умумтаълим мактаби директори ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка мажбурлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинчалик эса мактабларда ходимларни навбатчиликка жалб қилиш бўйича ҳудудий бошқармаларга “ХДФУ” грифи билан йўлланган топшириқ аслида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан берилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган.
Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатни ўрганиб, директорнинг ишдан олинишида тартиб-қоида бузилгани, яъни қарор меҳнат қонунчилиги талабларига зид тарзда расмийлаштирилганини аниқлаган. Шу сабабли инспекциянинг ёзма кўрсатмаси асосида бошқарманинг 2026 йил 6 январдаги 1-к-сонли буйруғи бекор қилинди.