World News in Uzbek

Шифокорлар ярим йил деган, у эса 40 йил яшади саратонинг якуний босқичи билан

Грециялик Стаматис Мораитис тақдири тиббиёт оламида кам учрайдиган воқеалардан бири сифатида тилга олинмоқда. У ўпканинг якуний босқичдаги саратони ташхиси билан қарийб 40 йил умр кўришга муваффақ бўлган. Бу ҳақда хорижий ОАВлар, жумладан Daily Express хабар берди.

Маълумотларга кўра, АҚШда яшаган, келиб чиқиши грециялик бўлган Мораитисга тахминан 40 йил аввал ўпка саратони ташхиси қўйилган. Ўша пайтда шифокорлар унга энг кўпи билан бир неча ой умри қолганини айтган. Бироқ бу башорат ўзини оқламади.

Оғир ташхисдан кейин у даволанишни давом этириш ўрнига, ватанига — аҳолиси узоқ умр кўриши билан машҳур бўлган Икария оролига қайтишга қарор қилган. У ерда у сокин ҳаёт тарзини танлаб, табиат бағрида яшай бошлаган.

Икарияга кўчиб боргач, Мораитиснинг аҳволи аста-секин яхшилана бошлаган. У жисмоний меҳнат билан шуғулланиб, сабзавот етиштирган, узумзорларга қараган, кўп вақтини дўстлари билан мулоқотда ўтказган. Асабийлик, шошма-шошарлик ва доимий стресс унинг ҳаётидан йўқолган.

Йиллар ўтиб, у соғлиғи қандай қилиб яхшиланганини аниқлаш мақсадида АҚШга қайтмоқчи бўлган. Аммо у ерга боргач, аввал унга ташхис қўйган шифокорлар аллақачон вафот этганини билган.

Бу воқеа тадқиқотчилар диққатини тортди. “National Geographic” эксперти, “кўк зоналар” — яъни одамлар ўртача кўрсаткичдан анча узоқ умр кўрадиган ҳудудларни ўрганган Дэн Бютнернинг таъкидлашича, Мораитиснинг умри узайишига асосий сабаблар стресснинг кескин камайиши, табиий овқатланиш ва ҳаёт тарзининг тубдан ўзгариши билан боғлиқ.

Бу ҳикоя яна бир бор соғлом ҳаёт тарзи, хотиржамлик ва ички мувозанат инсон саломатлигида қанчалик муҳим ўрин тутишини эслатади.

Читайте на сайте