World News in Uzbek

Фарғона вилояти тиббиёт бирлашмаси раҳбарига 3 йил қамоқ жазоси берилди

Фарғона вилоятида фуқародан ишга жойлаб қўйиш эвазига пул талаб қилган тиббиёт бирлашмаси раҳбарига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Ҳудуд” информацион дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, 2025 йил октябрь ойига қадар Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасида норасмий ёрдамчи IT мутахассиси сифатида меҳнат қилиб келган фуқаро ўзини ахборот технологиялари оператори лавозимига расмий ишга олишни сўраб, бирлашма раҳбарига мурожаат қилган. Аммо мансабдор шахс ушбу масалани “ҳал қилиб бериш” эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилгани айтилмоқда.

Фуқаронинг мурожаати асосида Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда тегишли идоралар томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир жараёнида тиббиёт бирлашмаси раҳбари келишилган пул маблағини олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида кўриб чиқилган. Суд ҳукмига кўра, собиқ тиббиёт бирлашмаси раҳбари Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида айбли деб топилган. Натижада унга икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва уч йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Читайте на сайте