Нилуфар Усмонова турмуш қуриш таклифларига қандай жавоб беришини айтиб берди
Нилуфар Усмонова турмуш қуриш бўйича келадиган таклифларга қандай муносабатда бўлиши ҳақида гапирди. Хонанданинг айтишича, ҳаётида турли хил таклифлар кўп бўлади ва у бундай вазиятларда аввало инсоннинг эътибори ҳамда муҳаббатини қадрлашга ҳаракат қилади. “Раҳмат, қабул қилдим, дейман. Чунки бир инсоннинг эътибори, муҳаббатини ерга туширишга ҳаққим йўқ”, дейди у.
Хонанда таъкидлашича, айримлар унинг ажрашганини эслатиб, турмуш қуришни таклиф қилса, бошқалар турмуш қурмасдан бирга яшаш каби вариантларни ҳам айтади. “Ҳар хил вариантлар кўп. Лекин мен ўзимнинг ҳаётимда жуда бахтлиман”, деган Нилуфар Усмонова бу борада ўз танловига содиқ эканини билдирди. У, шунингдек, ҳаётидаги яқин инсонлар учун ҳам доимо дуо қилишини айтиб, “Аллоҳим, бевақт ўлим берма, деб кўп дуо қиламан. Ҳаётимда ким бўлса, шу инсоннинг умрини зиёда қилгин, деб дуо қилиб тураман”, деди.
Нилуфар Усмонова бахтни вақтни яқинлари билан ўтказишда, бир-бирига бўлган эътибор ва меҳрда кўришини қўшимча қилди. У омма орасида “Юлдузнинг қизи” дея эътироф этилишига ҳам муносабат билдириб, бу борада онасининг панд-насиҳатини эслади: “Ойим айтади: Агар менинг обрўйимга кибрланаётган бўлсанг, жойингни кўрсатаман, деган гаплари бор”, дейди хонанда.