World News in Uzbek

Қишки бўрон оқибатида АҚШда фавқулодда ҳолат

Қўшма Штатларда кучли қор бўрони оқибатида минглаб аҳоли электр таъминотисиз қолди. PowerOutage.us маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб 428 мингдан ортиқ фуқаро электрсиз қолган.

Fox News хабар беришича, ноқулай об-ҳаво шароити авиация соҳасига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Охирги тўрт кун ичида Америка авиакомпаниялари 16 мингдан зиёд рейсларни бекор қилишга мажбур бўлган.

The Washington Post тарқатган маълумотга кўра эса, қишки бўрон сабаб АҚШнинг камида 22 штатида фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. Бугун эрталаб мамлакатнинг жануби-шарқий ҳудудларида музли ёмғир ёғиши кузатилган.

Миллий об-ҳаво хизматига кўра, Канзас-Сити шаҳри 24 январ куни сўнгги 70 йил ичидаги энг юқори кунлик қор ёғиш кўрсаткичини қайд этган. Қор қалинлиги тахминан 13 сантиметрни ташкил этган бўлиб, аввалги рекорд 5,5 сантиметр атрофида бўлган.

Синоптиклар башоратига кўра, яқин кунларда ҳам АҚШнинг бир қатор ҳудудларида қор ёғиши ва музлаш давом этади. Бу эса электр таъминотидаги узилишлар ва транспорт ҳаракатида қийинчиликларни янада кучайтириши мумкин. Fox News маълумотича, бўрон яна бир неча кун сақланиб қолиши кутилмоқда.

Читайте на сайте