Хоразмда Урганч Хива орасида янги пулли автомобиль йўли қурилади
Хоразм вилоятида транспорт инфратузилмасини тубдан яхшилаш мақсадида Урганч—Хива йўналишида янги пулли автомобиль йўли қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Хива ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, лойиҳа доирасида умумий узунлиги 32 километр бўлган янги автомобиль йўли барпо этилади. Ушбу йўл мавжуд йўналишларга муқобил бўлиб, транспорт қатновини сезиларли даражада енгиллаштиради, сафар вақтини қисқартиради ва ҳаракат хавфсизлигини оширади. Йўл тўлиқ фойдаланишга топширилгач, ундан фойдаланиш пулли асосда амалга оширилади.
Янги трасса ишга туширилиши натижасида Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасидаги қатнов сифати яхшиланади, юк ва йўловчи ташиш тезлашади ҳамда ҳудуднинг инвестицион ва туристик жозибадорлиги ошади. Маълумотларга кўра, трасса Урганч шаҳри ҳудудидан бошланиб, айланма йўналиш орқали Хива шаҳрига туташади.
Пулли йўл мавжуд автомобиль йўлларидаги юкламани камайтириш, тирбандликларни бартараф этиш ва транзит транспорт воситаларини аҳоли зич яшайдиган ҳудудлардан чиқаришга хизмат қилади. Мутахассислар фикрича, пулли асосда қурилиши трассанинг доимий сақланиши, таъмирланиши ва хизмат кўрсатиш сифати юқори бўлишини таъминлайди.
ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳрига олиб борувчи янги пулли трасса сайёҳлар учун ҳам қулайлик яратади. Саёҳат вақти қисқариши орқали ички ва ташқи туризм оқими ошиши, шу билан бирга ҳудуд иқтисодиётига қўшимча даромад кириши кутилмоқда.