Франция 2027 йилга бориб Zoom ва Teams’дан босқичма-босқич воз кечади
Франция 2027 йилга келиб Америка видеоконференсия хизматларидан босқичма-босқич воз кечиб, уларнинг ўрнига ўзининг “Visio” иловасини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Давлат хизмати вазири Давид Амел La Tribune Dimanche нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, Франция маъмурияти Teams ёки Zoom каби платформаларга ҳаддан ташқари боғланиб қолган. Музокаралар ва ички мулоқот хавфсизлигини ҳар қандай шароитда таъминлаш учун давлат даражасида бундай “қарамлик”дан чиқиш зарурлиги таъкидланган. Шу мақсадда 2027 йилга бориб “Висио” бутун давлат бошқаруви тизими бўйлаб татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Амел “Висио”ни “100% Францияда яратилган ишланма” деб атади ва у Вазирликлараро Рақамли агентлик (ДИНУМ) томонидан ишлаб чиқилганини айтди. Унинг фикрича, бу ечим хорижий дастурий таъминот билан шартномаларни янгилашга кетадиган “миллионлаб евро”ни тежашга хизмат қилади. Шунингдек, вазир тахминан 40 минг киши хизматни синаб кўрганини, дастур эса суҳбатнинг матнли транскриптини тезкор олиш имконини берувчи алгоритмга эга эканини қўшимча қилди.