Бизнес билан ишлаш бўйича энг паст баҳо Солиқ қўмитасига берилди
Бизнес-омбудсман идораси тадбиркорлар фаолиятини назорат қилувчи давлат органлари бўйича рейтинг натижаларини эълон қилди. Унда Солиқ қўмитаси атиги 5 балл тўплаб, рўйхатнинг энг охиридан жой олди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Рейтингда идоралар уч тоифага ажратилган: “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз”. “Яхши” баҳоланганлар орасида Ҳисоб палатаси (95 балл), Архивлар агентлиги (90 балл), шунингдек Фуқаро авиацияси агентлиги, Кинематография агентлиги ҳамда Давлат резервларини бошқариш қўмитаси (ҳар бири 85 баллдан) қайд этилган. Бизнес-омбудсман маълумотига кўра, бу тузилмалар паст зиддиятлилик ва минимал маъмурий босим билан ажралиб туради.
“Қониқарли” тоифасига Божхона қўмитаси, Марказий банк, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги киритилган. Уларнинг фаолияти умуман олганда мақбул деб топилган бўлса-да, тадбиркорлар ортиқча талаблар, чўзиладиган тартиб-таомиллар ва айрим жараёнларда шаффофлик етишмаслигига ҳануз дуч келаётгани айтилади.
Энг ёмон кўрсаткич Солиқ қўмитасида қайд этилган — 5 балл билан у “қониқарсиз” тоифасига тушган. Бизнес-омбудсман идораси солиқ органлари тадбиркорлардан келадиган мурожаатлар сони бўйича энг юқори улушни ташкил этишини билдирган.
Паст баҳолар, шунингдек, Маданий мерос агентлиги, Спиртли ичимликлар ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси, Кадастр агентлиги ҳамда қурилиш ва санитария назорати йўналишидаги айрим тузилмаларда ҳам кузатилган.
Бизнес-омбудсман идораси рейтинг давлат органларига босим ўтказиш воситаси эмаслигини таъкидлаб, унинг мақсади давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликдаги тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда назорат фаолиятида ислоҳотларни рағбатлантириш эканини қайд этди.