World News in Uzbek

Тошкентда эҳсон қутиси ўғирлаган шахс қўлга тушди

Ижтимоий тармоқларда дўкон олдига қўйилган хайрия қутисини номаълум шахс олиб кетгани акс этган видео тарқалиб, кўпчиликнинг эътирози ва муҳокамасига сабаб бўлди. Мазкур воқеа юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 28 январь куни соат тахминан 18:00 атрофида номаълум шахс Янгиҳаёт тумани, Ташаббус маҳалласи ҳудудидаги дўконлардан бирининг олдида ўрнатилган эҳсон қутисини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, ушбу қўпол қилмишни содир этганликда гумон қилинган фуқаро аниқланиб, ушланди.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Текширув якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши таъкидланди.

Хайрия қутисидан олинадиган маблағ кимгадир даво, кимгадир таом, кимгадир умид бўлади. Шунинг учун бундай “майда”дек кўринган ўғирлик ҳам жамиятда ишончга қаттиқ зарба. Яхшиси, ҳар ким ўз ҳиссасига ҳалол бўлсин — эҳсонга кўз олайтириш эмас, эҳсон қилиш маданияти кўпайсин.

Читайте на сайте