World News in Uzbek

Ўзбекистонда ўлимлар сони ошмоқда

Ўзбекистонда 2025 йилда ҳаётдан кўз юмганлар сони 177 104 кишини ташкил қилди. Миллий статистика қўмитаси келтирган маълумотларга кўра, мазкур рақам 2024 йил билан солиштирилганда 2,7 минг кишига кўпайган.

Бир йил давомида вафот этганларнинг 55,1 фоизи эркаклар (97,5 минг киши), 45,9 фоизи аёллар (81,4 минг) ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, вафот этганларнинг 54,1 фоизи шаҳар ҳудудларида истиқомат қилувчилар (95,7 минг киши), 45,9 фоизи эса қишлоқ жойларда яшовчилар (81,4 минг киши) бўлгани қайд этилган.

Ўлим сабаблари таҳлил қилинганда, фуқаролар энг кўп қон айланиш системаси касалликлари туфайли вафот этгани айтилмоқда. Мамлакатда ҳар йили ўлим ҳолатларининг ярмидан ортиғи айнан қон айланиш тизими хасталиклари сабаб юз бериши таъкидланади. 2025 йилнинг сўнгги чорагида шу омил ортидан вафот этганлар сони 104 минг кишидан ошиб кетган. Кейинги ўринларда эса ўсма касалликлари, нафас органлари касалликлари ва бошқа турдаги касалликлар ўлимга олиб келган.

Ҳудудлар кесимида ўлим кўрсаткичлари

Қорақалпоғистон Республикаси — 10 400;

Андижон вилояти — 16 948;

Бухоро вилояти — 9394;

Жиззах вилояти — 6294;

Қашқадарё вилояти — 15 637;

Навоий вилояти — 4781;

Наманган вилояти — 14 397;

Самарқанд вилояти — 19 670;

Сурхондарё вилояти — 12 891;

Сирдарё вилояти — 4624;

Тошкент вилояти — 16 984;

Фарғона вилояти — 18 695;

Хоразм вилояти — 9481;

Тошкент шаҳри — 16 926.

2030 йилгача мақсад ва умр давомийлиги динамикаси

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларида доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги йиллар кесимида қуйидагича келтирилган:

1991-йилда — 66,4 ёш;

1995-йилда — 69,1 ёш;

2000-йилда — 70,8 ёш;

2005-йилда — 71,8 ёш;

2010-йилда — 73 ёш;

2015-йилда — 73,6 ёш;

2020-йилда — 73,4 ёш;

2023-йилда — 74,7 ёш;

2024-йилда — 75,1 ёш.

Шавкат Мирзиёев 2025 йил август ойида Мустақиллик куни муносабати билан бўлиб ўтган байрам тантанасида сўзга чиқиб, сўнгги йилларда тиббиётга ажратилаётган маблағлар 6 карра оширилганини, аҳолининг турмуш шароитлари яхшиланиб бораётгани натижасида ўртача умр кўриш кўрсаткичи 73,8 ёшдан 75,1 ёшгача узайганини қайд этган.

Читайте на сайте