Қозоғистон гўшти Ўзбекистонга 3 доллар атрофида экспорт қилинаётгани маълум қилинди
Қозоғистонда 2025 йил учун божхона маълумотлари эълон қилинди. Унда 1 килограмм гўшт Ўзбекистонга ўртача 3 доллар атрофида реализация қилингани қайд этилган. Бу ҳақда “Cmn.kz” хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, статистикада 2025 йил давомида Ўзбекистон Қозоғистондан 66,1 минг тонна мол гўшти ва субмаҳсулотларни 189,9 миллион АҚШ долларига харид қилгани акс этган. Бу ўртача ҳисобда 1 килограмм учун 2,87 долларга тўғри келади. Айни пайтда эса Қозоғистон ички бозорида мол гўштининг чакана қиймати 30 фоиздан зиёдга кўтарилиб, 1 килограмми 4–4,5 минг тенгега чиққан.
Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Жанел Кушукова ушбу рақамларга муносабат билдириб, бундай кўрсаткичларни шубҳали, деб атаган. У нархлар орасидаги фарқни тилга олар экан, бу маълумотлар техник хатолик натижаси бўлиши эҳтимолини айтган.
“Гўштни давлат давлатга сотмайди, балки аниқ ишлаб чиқарувчи шартнома асосида сотади. Агар ички бозорда нарх бир неча баравар баланд бўлса, ишлаб чиқарувчи учун маҳсулотни 3 доллардан ташқарига сотиш иқтисодий жиҳатдан манфаатсиз”, дея таъкидлайди у.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, вазиятни алоҳида тарзда текшириш талаб этилади.
“Бу маълумотларни пухта ўрганиш, жумладан, божхона органларидан аниқлаштириш зарур – техник хатолик бўлиши эҳтимолдан холи эмас”, дейди Кушукова.
Шу билан бирга, Савдо вазирлиги Қозоғистонда мол гўшти қийматлари кўтарилишда давом этаётгани ва бу аҳоли орасида хавотир уйғотаётганини тан олган. Кушукованинг айтишича, нархлар ўсишининг асосий омиллари чорва сонини тиклаш жараёни вақт талаб қилиши ҳамда Ўзбекистон томонидан талабнинг кескин ортишидир.
Унинг тушунтиришича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда гўшт истеъмоли сезиларли равишда ўсган, аммо табиий ва географик чекловлар сабаб мамлакат ўз ишлаб чиқаришини худди шу каби ҳажмларда кенгайтира олмаяпти.