World News in Uzbek

6 февраль куни ёмғир қорга айланади

“Ўзгидромет” 6 февраль учун об-ҳаво прогнози билан чиқди. Унга кўра, жума куни республикада ҳаво беқарорлашади: қатор ҳудудларда ёмғир ёғиб, кейинчалик қорга айланиши мумкин. Айрим жойларда туман тушиши, шамол эса баъзи ҳудудларда сезиларли кучайиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгарувчан бўлади, вақти-вақти билан ёғингарчилик кузатилади, ёмғирнинг қорга айланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шамол ғарбдан 3–8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси ҳам, кундузи ҳам 3–5 даража илиқ атрофида бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгарувчан бўлса-да, ёғингарчилик кутилмайди. Айрим жойларда туман тушиши мумкин. Шамол ғарбдан 7–12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 7–12 даража совуқ, баъзи жойларда 14 даража совуққача тушиши мумкин. Кундузи 0–5 даража совуқ, айрим нуқталарда 7 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда. Устюртда кечаси 15–18 даража совуқ, кундузи 9–12 даража совуқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгарувчан: баъзи жойларда ёғингарчилик бўлади, ёмғир қорга айланиши мумкин, туман ҳам тушиши эҳтимол. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7–12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 м/с гача кучаяди. Ҳарорат кечаси 2 даража совуқдан 3 даража илиққача, кундузи 2–7 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида ҳам ҳаво беқарор бўлади: айрим ҳудудларда ёғингарчилик кузатилиб, ёмғир қорга айланиши мумкин, туман тушиши эҳтимоли бор. Шамол шарқдан 7–12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 м/с гача кучаяди. Ҳарорат кечаси ва кундузи 1–6 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам вақт-вақти билан ёғингарчилик бўлиши, ёмғир қорга айланиши мумкин. Туман тушиши эҳтимоли сақланади. Шамол шарқдан 7–12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 м/с гача кучаяди. Ҳарорат кечаси 0–5 даража илиқ, кундузи 5–10 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгарувчан бўлади: баъзи жойларда ёғингарчилик кузатилиши, ёмғир қорга айланиши мумкин. Айрим ҳудудларда туман ҳам тушади. Шамол шарқдан 5–10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси ва кундузи 1–6 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ҳаво анча инжиқ: вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилиб, айрим жойларда кучли бўлиши мумкин. Туман тушиши эҳтимоли бор. Энг муҳими, қор кўчиши хавфи сақланади. Шамол шарқдан 7–12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси ва кундузи 2–7 даража совуқ бўлади.

Читайте на сайте