Ўзбекистонда PayPal йўли очиляпти: Сенат қонунни янгилашга киришди
Олий Мажлис Сенатининг 13-ялпи мажлисида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи муҳокама қилинди. Гап — оддий фуқаро учун ҳам, айниқса рақамли соҳада ишлаётганлар учун ҳам жуда муҳим бўлган бир муаммони ҳал қилиш ҳақида.
Бугун Ўзбекистондаги кўплаб дастурчи-фрилансерлар яратаётган дастурий маҳсулотлар ва рақамли контент хорижий харидорларга асосан халқаро электрон платформалар орқали сотиляпти. Айрим платформаларда тўлов банк картаси ёки банк ўтказмалари билан амалга ошса, Upwork, Fiverr, Envato, Storyblocks каби йирик майдончаларда тўлов қабул қилишнинг асосий йўли — PayPal тизими ҳисобланади.
Аммо айнан шу ерда муаммо пайдо бўлади: PayPal ҳозирча Ўзбекистонда чиқарилган банк карталари билан тўлиқ ишламайди. Бу ҳолат қонунчиликдаги талаблар, хусусан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунда маълумотлар фақат Ўзбекистон ҳудудида сақланиши кераклиги ҳақидаги меъёрлар билан боғланади. Натижада айрим халқаро тўлов тизимлари мамлакат бозорига киришда тўсиққа учраяпти ва бу эса фрилансерлар ҳамда онлайн хизматлардан фойдаланувчилар учун қийинчилик туғдиряпти.
Муҳокама қилинган қонунга киритилаётган ўзгартишлар айнан шу муаммоларни юмшатиш ва ечим беришга қаратилган. Хусусан, халқаро онлайн тўлов тизимлари ишини енгиллаштириш, финтех, электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ўсишини тезлаштириш, фрилансерлар учун қонуний ва шаффоф тўлов йўлларини яратиш, шунингдек, хориждан келадиган сайёҳлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.
Янги тартибга кўра, шахсга доир маълумотларнинг фақат айрим тоифалари — биометрик, генетик ҳамда телекоммуникация хизматлари билан боғлиқ маълумотлар — албатта Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт этиб белгиланмоқда. Қолган маълумотларни эса чет элга узатиш ва сақлаш мумкин бўлади, лекин бунинг учун аниқ хавфсизлик талаблари жорий этилади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасига маълумотлар хавфсизлиги таъминланган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилиши кўзда тутилган.
Сенаторлар фикрича, мазкур қонун электрон тижорат соҳасидаги ҳуқуқий базани замонавий талаблар асосида янгилашга, аҳоли ва тадбиркорларга халқаро интернет платформалари билан ишлашда янада қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Сенат аъзолари қонун лойиҳасини маъқуллади.