Хонанда Йилдиз Тилбе ҳар куни 12 минг кишига ифтор дастурхонини ёзади
Туркиялик машҳур хонанда Йилдиз Тилбе Ғазо ва бошқа инқироз авж олган ҳудудларда йирик ёрдам марафонини йўлга қўйди. Хонанда Рамазон ойи давомида ҳар куни Ғазода қуролли тўқнашувлар оқибатида очликдан қийналаётган 12 минг кишига ифтор дастурхонини ёзиб бермоқда.
Қайд этилишича, Тилбе муҳтожларга ифтор учун иссиқ таомларни нодавлат ташкилотлар орқали етказади, ифтор тадбирларини молиялаштириш бўйича босқичларни эса аллақачон якунлаб бўлган.
Хонанда бу хайрли ишни фақат бир минтақа билан чекламай, “Ҳар бир уйда иссиқ овқат бўлиши керак!” деган шиор остида кенг географик ҳудудда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзмоқда. Ёрдам ишлари Яман, Сурия, Афғонистон, Шарқий Туркистон (Хитойнинг Шинжон вилояти), Эфиопия, Жанубий Судан, Аракан ва Кашмир каби ҳудудларга ҳам етказилиши режалаштирилган.
Рамазон ифтори дастурхонининг ташкилий қисми Тилбе номидан Қуддус кўнгиллилари уюшмаси томонидан юритилмоқда.