World News in Uzbek

Фарғонада давлат боғчаларида болалар заҳарланиш оқибатида шифохонага ётқизилди

Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши қайд этилди. Бу ҳақда Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 21 февраль куни соат 19:00 дан бошлаб Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига бир қатор боғча тарбияланувчилари олиб келинган. Улар Фарғона шаҳар ҳудудида жойлашган 2 сонли, 58 сонли ва 61 сонли мактабгача таълим ташкилотларига қарашли болалар экани айтилмоқда.

Болалар тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши белгилари билан шифокорларга мурожаат қилган. Текширувлар давомида беморларда қорин соҳасида оғриқ, диарея ва ҳарорат кўтарилиши каби аломатлар кузатилган.

Шифохонадаги даволовчи шифокорлар болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб, “Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли” ташхиси билан диарея бўлимига ётқизган. Маълум қилинишича, ҳозирда бўлимда 62 нафар бемор стационар даволанмоқда ва уларнинг аҳволи яхши деб баҳоланган.

Ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари текширув ишларини бошлаган. Улар боғчалар ошхоналарида ҳамда овқат етказиб берувчи корхонада назорат тадбирларини ўтказиб, болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория учун намуналар олиб текширмоқда.

Читайте на сайте