World News in Uzbek

Андижонда ЗИЛ юк машинаси уриб кетган 9 ёшли бола вафот этди

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида 9 ёшли бола йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 24 февраль куни соат 15:56 ларда “Эски Марказ” МФЙ ҳудудидан ўтган D-105 автомобиль йўлининг “Фарғона ҳалқа йўли” 103 километрида ЗИЛ-130 русумли юк машинаси иштирокида ҳодиса содир бўлган.

2002 йилда туғилган ҳайдовчи А.Ж. бошқарувидаги юк транспорти тартибга солинган чорраҳадаги пиёдалар ўтиш жойидан кескин югуриб чиққан 2017 йилда туғилган Ҳ.М.ни уриб юборган. Назоратни йўқотган ҳайдовчи чорраҳада тўхтаб турган Cobalt автомобилига ҳам тўқнашган.

Оғир тан жароҳати олган вояга етмаган пиёда шифохонага олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, бола вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266 моддаси 2 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Читайте на сайте