World News in Uzbek

Шавкат Мирзиёев Эрон олий раҳбари вафоти муносабатига таъзия мактубини йўллади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён номига таъзия мактубини йўллади. Унда Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари Оятуллоҳ-ул-узмо Саййид Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этилган.

Давлат раҳбари ушбу нохуш хабар катта изтироб билан қабул қилинганини таъкидлаб, марҳумнинг кўп йиллик самарали фаолиятини юксак баҳолаган. У зот Эрон давлатчилигини мустаҳкамлаш, жамият барқарорлигини таъминлаш ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш йўлида салмоқли хизматлар қилгани қайд этилган.

Шунингдек, Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшгани алоҳида урғуланган. Унинг ёрқин хотираси халқлар қалбида доимо сақланиб қолиши билдирилган.

Президент мусибатли дамларда Эрон раҳбарияти ва дўст халққа самимий ҳамдардлик изҳор этган. Қодир Аллоҳдан марҳумнинг руҳини ўз раҳматига олиши, оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва матонат ато этиши сўралган. Мактуб матни Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий веб-сайтида эълон қилинди.

Читайте на сайте