Эроннинг арзон дрони АҚШнинг миллиардлик радaрини ишдан чиқарди
Gorizont Telegram канали хабар беришича, Эрон томонидан амалга оширилган зарба натижасида Қатарда жойлашган АҚШга тегишли стратегик радар тизими ишдан чиққан.
Маълум қилинишича, Ал-Удеид авиабазаси ҳудудида жойлашган, қиймати тахминан 1 миллиард доллар бўлган AN/FPS-132 русумли радарга ҳақиқатан ҳам зарба берилган. Ушбу ҳарбий объект Қатар ҳудудида жойлашган бўлиб, АҚШ ракета мудофааси тизимининг энг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади.
Айтилишича, мазкур радар мажмуаси Европадан тортиб Ҳинд океанигача бўлган улкан ҳудудни назорат қила олади. Манбаларга кўра, дунё бўйича бундай турдаги радарлар жами олтита бўлиб, улар АҚШдан ташқари Буюк Британия ҳамда Гренландия ҳудудларида ҳам ўрнатилган.
Ал-Удеид авиабазасидаги станциянинг техник салоҳияти жуда юқори бўлиб, у ҳатто Россия ҳудудидан амалга оширилиши мумкин бўлган ракета учирилишларини ҳам 5 минг километрдан ортиқ масофада аниқлаш имконига эга.
Шу боис, мутахассислар таъкидлашича, Эрон ҳудудидан учирилган ракета ёки дронларни кузатиш мазкур тизим учун оддий вазифа ҳисобланган. Бироқ арзон дрон орқали айнан шундай юқори технологияли радарга зарба берилгани ҳодисага бўлган қизиқишни янада оширмоқда.