Яқин Шарқдан қайтарилган ўзбекистонликлар сони 19 мингдан ошди
Ўзбекистонга Яқин Шарқ давлатларидан қайтарилган фуқаролар сони 8 март соат 07:00 ҳолатига кўра 19 347 нафарга етди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига таяниб маҳаллий ОАВ хабар қилди.
Маълум қилинишича, 7 март куни Саудия Арабистонидан 9 та рейс орқали 1 680 нафар, Бирлашган Араб Амирликларидан эса 2 та рейс билан 394 нафар фуқаро ватанга олиб келинган. Шу куни Эрондан ҳам 5 нафар Ўзбекистон фуқароси қайтарилган.
Шунингдек, Қатар ва Саудия Арабистонидаги Ўзбекистон элчихоналари Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда Доҳада бўлиб турган фуқароларнинг биринчи гуруҳини — 208 нафар ватандошни эвакуация қилган. Улар Centrum Air рейси билан Ар-Риёддан учиб, 8 март куни соат 05:40 да Тошкентга соғ-саломат етиб келган.
Айни пайтда кейинги эвакуация босқичи учун фуқароларнинг иккинчи гуруҳи — 126 нафар ватандош ҳам шакллантирилган. Уларни Доҳа шаҳридан Риёд орқали Тошкентга чартер рейс билан олиб келиш режалаштирилган. Қайд этилишича, ватандошларни қайтариш ишлари тизимли ва босқичма-босқич давом эттирилмоқда.